Халқ вакили халқ ичида

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ахмед Реймов ўзи сайланган ҳудуддаги Қум овул маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказди.
Ўтказилган ушбу учрашув фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг долзарб муаммоларини тинглаш ва тегишли масалаларни ҳал этиш бўйича фикр алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Дастлаб депутат А.Реймов жорий йилнинг учинчи чораги давомида олиб борган ишлари юзасидан сайловчиларга маълумот берди. Шундан сўнг, маҳалла аҳли билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Унда ҳудуд аҳолиси турли ижтимоий-иқтисодий масалалар, жумладан, Қум овулида болалар майдончасини қуриш, кўчаларни ёритиш каби қатор масалалар бўйича ўз таклифларини билдирди.

Депутат учрашувда аҳоли томонидан билдирилган ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини таъкидлади. Шу билан бирга, айрим масалаларни ўз назоратига олишини ва муаммоларни тегишли идораларга етказишини айтди.
Учрашув самимий мулоқот руҳида ўтиб, бу депутат ва халқ ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси