Туркий университетлар бирлашмоқда: таълим ва илм-фанда янги саҳифа (+видео)
Тошкентда бошланган навбатдаги йирик халқаро анжуман Туркий давлатлар ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, Туркий университетлар иттифоқига аъзо олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда Туркий академия вакилларини бир майдонда жамлади.
Тадбирда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Шимолий Кипр ва Ўзбекистондан жами 69 олий ўқув юрти, 200 нафарга яқин ректор, проректор ҳамда бўлим раҳбарлари иштирок этмоқда.
Йиғилишда дастлаб Туркий университетлар иттифоқига аъзолик аризалари кўриб чиқилди. Сўнгра Ўрхун академик алмашинув дастурини такомиллаштириш, Иттифоқ учун доимий котибият ва махсус жамғарма ташкил этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Анъанага кўра, Ўзбекистон томони ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга доир қатор аниқ ва ҳаётий таклифларни илгари сурди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Туркий илм-фан ва инновация кунлари”ни ўтказиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Дарвоқе, мазкур долзарб ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан яқиндагина Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммитида илгари сурилган эди.
Анжуман доирасида Туркий академия томонидан амалга оширилаётган “Turk Barometer” илмий лойиҳасининг 2024-2025 йиллардаги натижаси тақдим қилинди. Дастурдан “Tashkent International University” ҳудудида мамлакатимизнинг Туркий университетлар иттифоқига аъзо таълим масканлари кўргазмаси ва U2U форматидаги учрашувлар ҳам ўрин олган.
Форумнинг иккинчи куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Қорахонийлар – Алп Эр Тўнга (Афросиёб) авлодлари: Қорахонийлар давридаги турк ва ислом олами” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилади. Мазкур нуфузли тадбир Туркий давлатлар ўртасида таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариши, туркий оламда ягона таълим майдонини шакллантиришда муҳим қадам бўлиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё,
Дилшод Ҳакимов,
Ойбек Давронов (видео), ЎзА