НукусДПИ делегацияси “InnoWeek – 2025” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида ўз лойиҳалари билан иштирок этди

Жорий йилнинг 9-11 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги CAEx – Ўзбекистон халқаро кўргазмалар марказида “InnoWeek – 2025” VIII Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ҳафталикда маҳаллий ва халқаро йирик компаниялар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, венчур фондлар, молия ташкилотлари, халқаро маълумотлар базалари вакиллари иштирок этди. Аҳамиятлиси, улар орасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Қуўанишбай Сейтназаров бошчилигидаги институт делегацияси ўзларининг илмий-инновацион лойиҳалари билан иштирок этди.
Хусусан, проректор Қуанишбай Сейтназаров раҳбарлигида талаба-ёшлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган қорақалпоқ имо-ишора тилини сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилган тарзда таниб олиш ва таржима қилиш имконини берувчи “Karakalpak Sign Language”, масофавий зондлаш (DZZ) технологияларига асосланган, қишлоқ хўжалиги ерларининг тупроқ ҳолати, ўсимликларнинг ривожланиши ва ҳосилдорлигини аниқлаш имконини берувчи “Remote Sensing” платформалари, шунингдек, мактаб ва болалар боғчаларига мўлжалланган замонавий таълим платформаси “Smart School” лойиҳаси, шунингдек, кимё кафедраси доценти Алим Асаматдинов томонидан ишлаб чиқилган, ёнғин ва сувга чидамли, цемент шимдирилган, мослашувчан хусусиятга эга, енгил, эгилувчан “Цемент мато” лойиҳаси кўргазмада иштирок этаётган халқаро ва маҳаллий экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Маълумот учун, ҳафталик доирасида иштирокчилар учун фан, технология ва инновациялар соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, халқаро тажриба алмашиш имконини берувчи 30 дан ортиқ илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги