Дунё олимлари сейсмик хавфсизлик ва зилзилабардош қурилиш бўйича фикр алмашди

Тошкент давлат транспорт университетида “Сейсмик хавфсизлик, бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги: муҳандислик, транспорт ва қурилишда илғор технологиялар” мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сейсмология жамғармаси ҳамда Тошкент давлат транспорт университети ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Хитой, Германия, Италия, Канада, Туркия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Кувайт ва Малайзиядан етук олимлар, халқаро университетлар ректорлари, илмий марказлар ва саноат компаниялари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда сейсмик хавфсизлик, бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги, муҳандислик, транспорт ва қурилишда илғор технологиялар борасида фикр алмашилди.

Ҳозирги замон глобаллашуви шароитида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши нафақат инновацион тараққиётга, балки минтақалар инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ҳам йўналтирилгани билан тавсифланади. Бу борада Ўзбекистонни жаҳон иқтисодий жараёнларига тўлароқ интеграциялаш, халқаро савдо-иқтисодий, туристик ва маданий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш зарур.
Ушбу халқаро канференция транспорт инфратузилмасининг стратегик бошқарув механизмини такомиллаштириш жиҳатлари илмий натижаларини муҳокама қилиш, халқаро тажриба алмашиш ва янги технологияларни жаҳон миқёсидаги сейсмик хавфсизлик ҳамда иншоотлар барқарорлигига тадқиқ этишга қаратилган.
Конференция олтита асосий йўналишни қамраб олган. Унда сейсмология ва зилзила муҳандислиги, йўл ҳамда қурилиш инфратузилмаси, транспорт тизимлари каби йўналишларда мутахассислар замонавий илмий натижалар, инновацион методлар ва амалий ечимлар бўйича фикр алмашди.

Конференциянинг пленар сессияларида транспорт инфратузилмасини сейсмик ҳимоя қилиш усуллари, Хитойдаги туннел қурилиши технологиялари ва инновацион ёндашувлари, кўприк иншоотларини лазерли сканерлаш орқали мониторинг қилиш мавзуларида маърузалар тингланди.
Ушбу халқаро конференция сейсмология, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси соҳаларидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги технологияларни жорий этиш ва Ўзбекистонни минтақадаги илғор илмий марказлардан бири сифатида танитишга хизмат қилади.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,
ЎзА мухбири