Ўз брендини яратган аёл мастер-класс ташкил этди

99

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Касбий кўникмалар марказида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг ишбилармонлик салоҳиятини ошириш ҳамда иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Тадбиркорликни нолдан бошлаш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда партия Республика Кенгаши масъуллари, фаол тадбиркор аёллар, касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар ва тадбиркорликка қизиқиш билдирган хотин-қизлар иштирок этди.

Семинарнинг асосий меҳмони сифатида Амударё тумани Манғит шаҳридан келган, нон ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи «MF food» ва «AMUDARYO Milky Food» брендлари асосчиси, “Ишбилармон аёл – 2025” танлови ғолиби Дилдора Хайитбоева қатнашди. У ўзининг тадбиркорлик соҳасидаги тажрибалари, муваффақият сари босиб ўтган йўли ва аёллар учун амалий тавсиялари билан ўртоқлашди.

Таъкидланганидек, ҳар бир аёл иш бошлашда, албатта, қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлади. Аввало, яқинларининг ишончи ва руҳий кўмаги, шундан сўнг эса давлат томонидан яратилаётган имкониятлар муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда бизда шундай имкониятлар жуда кўп. Энг муҳими, аёллар ўз қобилиятига, ўз қудратига ишониши керак.

Тадбиркорлик фақат молиявий фойда топишгина эмас, балки жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш, бошқаларга иш ўрни яратиш ва ҳаёт сифатига ҳисса қўшиш воситасидир.

Семинар-тренингда иштирокчилар учун марказ ошхонасида амалий машғулотлар ҳам ташкил этилди. Бу жараёнда хотин-қизлар нон маҳсулотларини тайёрлаш, турли масаллиқлар танлаш ва ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишиш имконига эга бўлдилар.

Семинар давомида иштирокчилар учун амалий машғулотлар, жумладан, бизнес режалаштириш, молиявий таҳлил қилиш, маҳсулотни бозорда илгари суриш каби йўналишларда ҳам тренинглар ўтказилди. Шунингдек, энг фаол қатнашчиларга O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан сертификатлар топширилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги