Япония ва Фаластин элчилари Ўзбекистондаги дипломатик миссияларини якунлади
96

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўз фаолиятини якунлаётган Япония ва Фаластиннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари Такоши Хатори ҳамда Жавод Муҳаммад Авод билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди. Япониялик дипломат билан суҳбат чоғида Ўзбекистон – Япония стратегик шериклиги изчил ривожланаётгани, савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим ва маданият соҳаларида амалий ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани таъкидланди. Вазир элчига икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган фаолияти учун миннатдорлик изҳор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Такоши Хатори 2023 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентига ишонч ёрлиғини топширган эди. Фаластин элчиси Жавод Муҳаммад Авод билан учрашувда мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари элчининг Ўзбекистон – Фаластин муносабатларини ривожлантириш, икки давлат халқлари ўртасидаги дўстликни чуқурлаштиришга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Б.Саидов Ўзбекистон БМТнинг тегишли резолюцияси доирасида “икки халқ учун икки давлат” тамойилини изчил қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Вазир дипломатларга келгусидаги касбий фаолиятида муваффақият тилади.
А.Алимова, ЎзА