Халқаро илмий конференцияда туркий халқлар адабиётини инновацион ёндашувда тадқиқ этиш масалалари муҳокама қилинди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатларнинг етакчи олий ўқув юртлари ва илмий марказларидан таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар иштирокида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
«Туркий халқлар адабиётини ўрганишда инновацион ёндашувлар» мавзусида институтнинг Филология факультети ўзбек адабиёти кафедраси томонидан ташкил этилган конференциянинг очилиш ялпи мажлисида институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Қуванишбай Сейтназаров сўзга чиқиб, тадбирнинг амалий аҳамияти ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталиб ўтди ҳамда конференция ишига муваффақиятлар тилади.
Конференцияда туркий халқлар адабий меросини ўрганишда замонавий ёндашувлар, рақамли технологияларни жорий этиш, адабиётшуносликдаги инновацион тадқиқот усуллари ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Илмий маърузалар давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, туркий халқлар адабиётини қиёсий ўрганиш, таржима жараёнлари ва электрон адабий базалар яратиш бўйича муҳим таклифларини билдирди.
Ушбу халқаро конференция туркий халқлар адабий меросини чуқур тадқиқ этиш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва адабиётшунослик соҳасида инновацион ғояларни жорий этиш борасида катта амалий аҳамиятга эга бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги