Ўзбекистон-Малайзия: Ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишлари белгилаб олинди

100

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуасида “Маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш” мавзусига бағишланган “Uzbek Import Fair 2025” I халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур нуфузли тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда нафақат қўшни давлатлар, балки АҚШ, Венгрия, Корея, Миср, Озарбайжон, Покистон, Словакия, Кувайт ва Япония каби мамлакатлардан қарийб 30 та йирик хорижий компания вакиллари иштирок этмоқда.

Бу эса мазкур кўргазманинг нафақат миллий миқёсда, балки халқаро ҳамкорлик майдонига айланиб бораётганини яққол намоён қилмоқда.

Кўргазмада саноатнинг 24 йўналиши бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имконияти юқори, бироқ ҳозирча импорт ҳажмида устун бўлган 3 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлар тақдим этиляпти. Шу тариқа, “Uzbek Import Fair 2025” нафақат импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тарғиб этиш, балки хорижий сармоядорлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда ҳам муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.

Малайзия Қироллиги Божхона хизмати раҳбари Датук Вира Анис Ризана бинти Моҳд Заинудин хоним бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг март ойида Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Куала Лумпур шаҳрида малайзиялик ҳамкасби билан икки томонлама музокаралар ўтказиб, божхона соҳасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишларини белгилаб олинган эди ҳамда Малайзия божхона хизмати раҳбари Ўзбекистонга таклиф қилинган эди.

Анис Ризана хонимнинг Ўзбекистонга амалга ошираётган илк ташрифи айни шу келишувларнинг амалий натижаси бўлди.

Ташрифнинг дастлабки манзили – кеча пойтахтимизда ўз ишини бошлаган «Uzbek Import Fair 2025» I халқаро кўргазмаси бўлди.

Таъкидлаш жоизки, кўргазма павильонларида Малайзиядан Ўзбекистонга энг кўп импорт қилинаётган товарлар ҳам намойишга қўйилган бўлиб, мазкур маҳсулотларни малайзиялик инвесторларни жалб қилган ҳолда маҳаллий хом ашё ҳисобига Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш имкониятлари таҳлил қилинди.

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ўзаро ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошгани инобатга олинса, мазкур имкониятлар кўлами катта экани ойдинлашади.

Ўзбекистондан Малайзияга асосан мева-сабзавот, минерал ўғитлар экспорт қилинган бўлса, ушбу давлатдан Ўзбекистонга ўсимлик ёғлари, қаҳва, чой ва зираворлар, кимё саноати ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган.

Учрашувда асосий эътибор ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишларини белгилаб олиш, божхонани рақамлаштириш ва сунъий интеллектни қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, божхона ходимлари учун турли ўқув малака ошириш курсларини ташкил қилиш масалаларига қаратилди.

Ш.Маматуропова,

ЎзА