“MyDX: Davlat xizmatchisi” мобил иловаси давлат хизматчисига нима беради?
Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, инсон ресурсларини бошқариш соҳасини рақамлаштириш йўналишида бир қатор электрон платформалар фаолияти йўлга қўйилган.
Агентлик ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова шу ҳақда маълумот берди:
– Президентимизнинг “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан “MyDX: Davlat xizmatchisi” мобил иловаси ишлаб чиқилди.
Ушбу мобил илова давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасидаги ўзаро мулоқотни кучайтиришга қаратилган.
Илова қулай ва замонавий интерфейсга эга бўлиб, давлат хизматчиси учун барча зарур маълумотларни бир тугма орқали олиш имконияти яратилган.
Иловадан фойдаланиш учун One ID тизимидан рўйхатдан ўтиш лозим. Илова орқали давлат хизматчилари: ўзаро тезкор алоқа ўрнатиши; ўзининг шахсий маълумотларини бошқариши; ташкилотини ривожлантириш борасидаги ташаббусларни илгари суриши; шахсий ривожланиш режасини тузиши ва мониторинг қилиши; вакансияларга онлайн ҳужжат топшириши, лавозимда ўсиш имкониятини синовдан ўтказиши; малака ошириш курсларида ўқиб, сертификатга эга бўлиши ва электрон кутубхоналардан фойдаланиши мумкин.
Ушбу инновацион платформа рақамли ҳукумат тизимининг идоралараро портали ва Бошқарув самарадорлиги агентлигининг my.bsa.uz, hrm.bsa.uz, edu.bsa.uz каби тизимлари билан интеграция қилинган ва давлат хизматини рақамли трансформация қилиш жараёнида доимий такомиллаштирилиб борилади.
Иловани Google Play ҳамда AppStore’дан юклаб олиш ва бепул фойдаланиш мумкин.
Агентлик фаолиятига оид янгиликлар билан расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали танишиб бориш мумкин.
Шунингдек, соҳага оид фикр-мулоҳазалар, Агентлик фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалалар ҳақида телеграмдаги @aloqa_bsa_bot орқали хабар юбориш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА