Муаммоларга амалий ёндашув: суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда

Олис ҳудудлардаги истеъмолчиларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш газ таъминоти ходимларининг асосий вазифасидир. Хусусан, Беруний туманида табиий газ тармоғидан узилган 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 21 мингдан зиёд хонадон суюлтирилган газ истеъмолчиси ҳисобланади.
Жорий йилнинг октябрь ойи учун суюлтирилган газ режаси 271 тонна 600 килограмм бўлиб, бугунги кунга қадар 58 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилди.
Ушбу маҳаллаларда яшовчи 21 минг 198 нафар истеъмолчини газ билан таъминлашда 12 та таъминотчи-чилангар масъул этиб бириктирилган ва 3 та махсус газ баллон ташувчи «Исузу» автотранспорт воситаси билан таъминланган бўлиб, улар аҳолига газ баллон етказиб бериш билан бирга улардан тўғри фойдаланиш бўйича доимий равишда тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқда.
– Маҳалламизга газ баллонлари белгиланган муддатларда етказиб берилмоқда, – дейди истеъмолчилардан бири Зафар Тошпўлатов. – Газ таъминоти ходимлари газ баллонини қуёш нури тушадиган жойда, ертўла, кириш остоналарида сақламаслик ҳақида тушунтириб туради. Биз улар айтган хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда суюлтирилган газдан фойдаланиб келмоқдамиз.
Йил бошидан буён суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 2 минг 502 тонна 780 килограмм бўлса, шундан истеъмолчиларга 2 минг 500 тонна 240 килограмм етказиб берилди.



Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.