Ҳамкорлик самарали давом этмоқда

Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби Уно Кими хоним бошчилигидаги делегация аъзолари Кегейли туманида бўлди.
Ҳудудга ташриф давомида Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган ва БМТ Тараққиёт дастури орқали амалга оширилаётган «Оролбўйи минтақасида иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ хўжалиги орқали ўзини ўзи таъминлашни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Хусусан, делегация аъзолари Япония ҳукумати ва БМТ Тараққиёт дастури маблағи ҳисобидан капитал реконструкция ишлари олиб борилган Кўкўзак қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган 38-сонли мактаб филиалига ташриф буюриб, мактабнинг расмий фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди. Тадбирда туман ҳокими Айбек Камалов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иккинчи котиби Уно Кими хоним сўзга чиқиб, ҳудуд аҳолисини янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан табриклади.

Шундан сўнг мактаб олдига тортилган анъанавий тасма кесилиб, тадбир иштирокчилари ўқув даргоҳида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси