Ажратилган моддий бойликлар манзилига етди

105

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш долзарб масалалардан бирига айланди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ушбу йўналишда бир қатор ижобий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси Кўзи ожизлар кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қорақалпоқ тилига ихтисослашган брайл ёзувидаги китобларни нашр этиш учун мини типография ва аудиокитоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини ташкил этиш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси ва пудратчи корхона томонидан ушбу ускуналарнинг ҳеч бири олиб келинмаган.

Ушбу ҳолат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, ҳисоботларга била туриб ёлғон маълумотлар киритиш орқали қўшиб ёзиш йўли билан бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов якунлари бўйича бинонинг қурилиш сметасидан белгиланган умумий қиймати 530,4 миллион сўмлик кузатув камералари, мебель ва жиҳозлар, иккита брайл принтери, битта комплект қоғоз ёзиш ускунаси пудратчи томонидан объектга етказиб берилмагани аниқланди. Тергов давомида аниқланган зарарнинг тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Бугунги кунда кутубхона биносида брайл ёзувида қорақалпоқ тилидаги китобларни чоп этиш учун мини топография ташкил этилди. А4 ўлчамдаги замонавий брайл принтери ва иккита брайл дисплей ускуналари етказиб берилиб, қорақалпоқ тилидаги китоблар чоп этила бошланди.

Кутубхона фондини бойитиш, кўп сонли китобхонларнинг билим ва саводхонлигини ошириш, қорақалпоқ тилидаги аудиокитобларни кўпайтириш мақсадида битта комплект овоз ёзиш студияси ўрнатилди. Бугунги кунда 30 дан ортиқ номдаги аудио-диск китоблар чоп этилиб, фойдаланиш учун филиалларга ва кўчма кутубхоналарга етказиб берилмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жами 2 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги