Президент фармони –ердан оқилона фойдаланишнинг янги босқичи

138

Хабарингиз бор, 2025 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда маҳсулот етиштириш узлуксизлигини таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона, самарали ва узлуксиз фойдаланишни йўлга қўйиш, бўш турган ерларни тезкор ҳисобга олиш ва уларни онлайн аукционлар орқали сотиш, шунингдек, қайта ижарага бериш тартибини соддалаштириш ушбу фармоннинг асосий мақсадидир.

– Ҳужжатга мувофиқ, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳудудидаги бўш ерлар 10 кун муддатда Давлат ер кадастрида рўйхатга олинади ва яна 10 кун ичида электрон аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда аукционлардан тушган маблағлар эса ҳудудий инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш ва янги ерларни ўзлаштиришга йўналтирилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Урунбаев.

Шунингдек, ушбу фармонга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги ерларини бўлиб қайта ижарага бериш ҳуқуқи жорий этилди.

Энди ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ерларнинг бир қисмини бошқа шахсга ижарага бериш мумкин бўлади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерларига фақат ижара ҳуқуқи тан олиниши қатъий белгиланди.

Эслатиб ўтамиз: ижара муддати Ўзбекистон фуқаролари ва улар ташкил этган корхоналар учун 30 йил, хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун эса 25 йил этиб белгиланди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги