3-4 октябрь – Жаҳон қушларни кузатиш кунлари
Табиат мувозанатини сақлашда ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни бор. Айниқса, қушлар табиатда учрайдиган барча мавжудотлар ичида энг кўп завқ бағишлайдигани, ранг-баранглиги билан энг кўзга ташланадигани, ердаги ҳаёт гўзаллигининг ажойиб тимсолидир. Қолаверса, улар ҳашаротлар ва майда кемирувчилар сонини тартибга солишда, уруғларнинг тарқалишида муҳим ўрин тутади.
Маълумотларга кўра, қушларнинг 9 мингдан ортиқ тури мавжуд бўлиб, 100 миллиардга яқин қушлар яшайди, деб тахмин қилинади. Аммо қуш турларининг кўпчилиги хавф остида, баъзилари эса бутунлай йўқолиб кетган. Ўзбекистон фаунасида эса қушларнинг 440 дан ортиқ тури маълум.

Ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш халқаро ташкилоти — Birdlife international ҳар йили сентябрь ойининг охирида кузги Қушларни кузатиш кунларини ўтказади. Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад қушларни ва улар яшайдиган жойларни муҳофаза қилиш муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.
Қушларни кузатиш кунларини юртимизда ҳам ўтказиш бўйича муайян ишлар амалга ошириб келинади. Жумладан, масъул вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий муассасалар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари ва учрашувлар, тадбирлар ташкил этилади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун билан қушларнинг ҳимояси таъминланган. Сайёр қушларни ўлдириш ва уяларини бузиш тақиқланган, йиртқич қушлар ҳам қонун билан ҳимояланган. Қушларнинг кўпайиш даврида уларни овлаш тақиқланади. Бундан ташқари, юртимиздаги барча қўриқхоналарда ноёб қуш турлари муҳофаза қилиниб, кўпайтириб келинади.
М.Комилова, ЎзА