Устозларга ҳурмат кўрсатилди

113

Хўжайли туманидаги файзли масканлардан бирида «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан тантанали байрам кечаси ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Х.Холмуратов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи К.Файзуллаева ҳамда соҳа фидойилари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар байрам эгаларини самимий табриклаб, ёш авлодга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар сирларини ўргатиш, устоз-шогирд дастури асосида ёш мутахассисларни тайёрлашдек масъулиятли ишларида куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилаб қолди. Шундан сўнг, таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган ва ўз хизматлари билан жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир қатор педагоглар Фахрий ёрлиқлар ва совғалар билан тақдирланди.

– Ҳурматли Президентимиз томонидан биз устозлар учун катта эътибор қаратилиб, меҳнатларимиз қадрланиб, кенг имкониятлар яратилмоқда. Келажак авлодга таълим-тарбия беришдек хизматларимиз доимо ўзининг муносиб баҳосини топиб келмоқда. Яқинда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Президентимизнинг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» арафасида соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувида педагоглар учун янги имтиёзлар жорий этилгани ўқитувчи-педагогларга янада куч-ғайрат бағишламоқда. Ҳеч бир мамлакатда устозга бўлган эътибор бу қадар юқори бўлмаган. Бунинг учун Юртбошимизга миннатдорчилигимиз чексиз, – дейди тумандаги 23-сонли ўрта мактаб директори Клара Қозоқбоева.

Тантанали кеча туман маданият бўлими ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

                                                                     Қорақалпоғистон ахборот агентлиги