Президент Шавкат Мирзиёев тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталди

Жумладан, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозимлиги айтилди. Ўзбекистон Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишларни изчил давом эттирмоқда.
Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади.
Яна бир муҳим муаммо – бу сув ресурсларининг тақчиллигидир. Ҳозирда дунё аҳолисининг икки миллиарддан ортиғи тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.
–Биз мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш мўлжалланмоқда.
Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз, – деди Президентимиз.
ЎзА