“БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз” — Президент

66

Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблеянинг 80-сессиясида нутқ сўзлаб, қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

— Бугунги йиғилишимиз шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтмоқда, — деди давлат раҳбари. — Бу эса ташкилотимиз фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорламоқда.

Президент ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашаётганини, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучайганини, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошаётганини, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлади.

— Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда. Биз Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун ташкилотимизни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз, — деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида.

Бу борада “БМТ – 80” ташаббуслари тўлиқ қўллаб-қувватланди, Келажак учун пактга қатъий содиқлик тасдиқланди.

— Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз, — дейди Ўзбекистон етакчиси.

ЎзА