Ўзбекистон ташаббуслари умуминсоний қадриятларга таянган

90

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг 80 йиллигига бағишланган йиғилишда нутқ сўзлайди. Бу давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясидаги 5-чиқиши бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ҳар гал жаҳон минбарларида инсониятни ташвишга солиб келаётган долзарб глобал муаммоларга ечим топиш бўйича аниқ таклифларни илгари суриб келган. Шубҳасиз, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг сиёсий позицияси, умуминсоний қадриятларга таянган ташаббуслари юксак баҳоланган, қўллаб-қувватланган. Биргина мисол: мамлакатимиз ташаббуси билан 2018-2025 йилларда БМТ БА 13 резолюция, ўнлаб ташаббуслар қабул қилди. Бинобарин, Президентимизнинг Нью-Йоркка бу галги ташрифи халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакат манфаатларини жаҳон миқёсида илгари суриш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Шавкат Мирзиёев АҚШда анъанага мувофиқ кўплаб давлатлар етакчилари, халқаро ташкилотлар, йирик молия институтлари раҳбарлари билан учрашмоқда. Сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий шериклик кўламини кенгайтириш, сармоявий лойиҳалар амалга ошириш масалалари муҳокама қилиняпти. АҚШнинг етакчи корпорация ва компаниялари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар, давра суҳбатларида юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароит, янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинмоқда.

Маълумки, 2023 йил қабул қилинган Янги Ўзбекистон-2030 стртатегияси БМТ Бош котиби томонидан юксак баҳоланган.

– БМТ ва тузилманинг барча институтлари ушбу дастурий ҳужжатни амалга оширишга кўмаклашади, – деганди Антониу Гутерриш БМТ БА 78-сессияси доирасида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганда.

Ўшанда Бош котиб Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлар стратегияси мақсад ва вазифалари кўлами нуқтаи назаридан БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мос келишини эътироф этиб, давлатимиз етакчисининг жаҳон ташкилоти минбарида билдириб келаётган таклиф ва ташаббуслари долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этган.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ана шундай муҳим ташаббуслардан бири Орол бўйи минтақасида юзага келган экологик вазиятни ўнглаш мақсадини кўзлайди.

Умуман, Шавкат Мирзиёев ҳар гал жаҳон минбарларида чиқиш қилганда халқаро ҳамжамият эътиборини минтақамиздаги экологик вазиятга, айниқса Орол муаммосига қаратиб келади. Денгиз қуриши Орол бўйи минтақасини “экологик офат ўчоғига” айлантирганини эслатади. Доим ушбу муаммони халқаро ҳамжамият билан бирга ҳал қилиш таклифини илгари суради. Зеро, Орол муаммоси бугунги кунда нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки глобал муаммога айланган.

Президентимиз Бош Ассамблея 75-сессияси иштирокчиларига видео мурожаат қилар экан, Орол бўйи ҳудудини экологик инновация ва технологиялар зонаси, сифатида эълон қилиш таклифини киритгани фикримизга яна бир яққол мисол.

БМТ Бош Ассамблеяси мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, минтақани “экологик инновация ва технологиялар зонаси” деб эълон қилиш тўғрисидаги 50 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилган резолюцияни бир овоздан маъқуллади.

– Ўтган юз йил давомида бундай глобал миқёсдаги офат бўлмаган, – деган эди ўшанда Президент. – Бу ҳолат бутун инсониятнинг глобал таҳдидларга заифлигини намоён этди. Ҳозирги мураккаб ва кескин вазият дунёдаги барча давлат ва халқлар ўзаро боғлиқлиги, мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини кўрсатди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мавқеи ва салоҳиятини ошириш ҳамда ваколатини кенгайтиришга чақирди.

Марказий Осиё минтақаси, жумладан қарийб 38 миллион аҳолиси бор Ўзбекистонда айни пайт, айниқса, қишлоқ жойларида сув танқислиги жиддий муаммо сифатида юзага чиқмоқда. Шу боис мамлакатимиз Европа иқтисодий комиссияси – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Сув ва саломатлик бўйича протоколига қўшилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлди.

2025 йил 17 апрелда БМТ БА Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўрмонларни барқарор бошқариш тамойилига мувофиқ ўрмонларни ўстириш ва қайта тиклашнинг ўн йиллиги” резолюциясини қабул қилди.

80 давлат томонидан қўллаб-қувватланган ушбу ҳужжат асосида “2027-2036 йиллар ўрмонларни ўстириш ва қайта тиклаш бўйича ўн йиллик” деб эълон қилинди.

БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан 2027 йилни Халқаро барқарор туризм йили сифатида эълон қилиши яна бир тарихий воқеадир. Бу ҳақдаги тегишли резолюция Ўзбекистон ва Мальдив ороллари ташаббусидир. Мазкур ҳужжат  аъзо давлатлар ва БМТ тизимини изчил ташаббуслар орқали барқарор туризм, жумладан экотуризм ривожини таъминлаш учун самарали чоралар кўришга чақиради. Барча манфаатдор томонларга Халқаро йил ғоясини кенг кўламда, жумладан халқаро ҳамкорлик орқали фаол илгари суриш, барқарор туризмни қўллаб-қувватлашдан барқарор ривожланишни рағбатлантириш ва тезлаштириш воситаси сифатида фойдаланишни тавсия қилади.

Ўзбекистоннинг яна бир  ташаббуси билан “Ёшлар ҳуқуқи бўйича дўстлар” гуруҳи ташкил этилган. Маълумот учун, БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси умумий муҳокамаси чоғида Президентимиз Ёшлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияни қабул қилиш таклифини берган эди. Республикамизнинг бу ташаббуси ҳам халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланган. Бугунги кунга қадар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия каби ўнлаб давлат ушбу гуруҳга қўшилган.

Дунёда 2 миллиардга яқин ёшлар истиқомат қилмоқда – бу инсоният тарихидаги энг кучли авлод.

Ёшлар ҳуқуқи дўстлари гуруҳининг асосий мақсади ёшлар сиёсати ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқи бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш саъй-ҳаракатини рағбатлантиришдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтганидек, Марказий Осиёни тинч ва фаровон минтақага айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолади. Бундай олий мақсадни амалга оширишда давлатимиз шубҳасиз БМТ билан фаол ҳамкорлик қилади. Қолаверса, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам ҳар гал давлатимиз раҳбари билан учрашганда Ўзбекистон БМТнинг ишончли ҳамкори, дея эътироф этиб келади.

С.Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси