Академия клиник база сифатида хизмат қилади

127

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрда қабул қилинган “Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Оролбўйида тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва тиббиёт ходимлари учун муносиб шароит яратиш йўлида янги босқични бошлаб берди.

 Мазкур қарорга мувофиқ, ҳудудда тиббий кадрлар малакасини ошириш ва амалиёт ҳамда илмий фаолият уйғунлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ташкил этилмоқда.

Академия давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритиб, Оролбўйи минтақасида (Қорақалпоғистон, Хоразм) 10 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходими, хусусан шифокорлар замонавий амалиёт кўникмаларини ўргатиш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш имкониятини яратади. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш орқали минтақада кенг тарқалган касалликларнинг олдини олиш ва уларни камайтиришга йўналтирилган илғор ишланмалар амалга татбиқ этилади.

Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар нафақат аҳоли саломатлигини тиклашга, балки жамиятнинг умумий равнақига хизмат қилади. Замонавий диагностик ускуналар, юқори технологияли лабораториялар ва янги авлод доривор воситалари касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имконини беради. Шунингдек, аҳолининг турли ёш тоифалари учун профилактика дастурлари, эмлаш жараёнлари ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилади. Натижада, болалар ва ёшларнинг соғлом ўсиши таъминланади, меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш қобилияти ошади, кексаларнинг умр давомийлиги узаяди. Бу эса аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ўсиши ва юртимиз келажаги учун соғлом жамият барпо этишда беқиёс аҳамият касб этади.

Ташкил этилаётган академиянинг энг муҳим жиҳатлардан бири, эндиликда тиббиёт ходимларининг малака ошириш жараёнлари Нукус шаҳридаги давлат ва нодавлат шифохоналари учун Академия клиник база сифатида хизмат қилади. Замонавий ўқув-симуляцион марказ орқали халқаро стандартларга асосланган таълим ва амалиёт тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, телемедицина имкониятларини жорий этиш орқали чекка ҳудудларда ҳам мутахассислар иштирокида маслаҳат ва консилиумларни ташкил этиш имкони яратилади. Бу эса инновацион ташхис ва даволаш усулларини амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлади.

Тиббиёт ходимлари учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Академия ҳудудида 50 ўринли меҳмонхона қурилиши белгиланган бўлиб, бу маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг самарали фаолият олиб боришига хизмат қилади. Академия замонавий жиҳозлар ва симуляцион ускуналар билан тўлиқ таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор Қорақалпоғистон тиббиёт ходимлари учун замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, илғор технологиялардан фойдаланиш ва касбий ривожланишда янги имкониятларни очиб беради. Бу эса нафақат тиббиёт соҳаси ривожига, балки аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатининг янги босқичга кўтарилишига замин яратади.

 

Олимбой ҲАЛИМОВ,

Қорақалпоғистон тиббиёт институти ректори.
ЎзА