Нуронийлар соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга ҳисса қўшмоқда

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури амалда
«Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан «Ғайратли кексалар» шиори остида Республика спортнинг яккакураш турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабининг кураш базасида нуронийлар ўртасида «Миллий кураш» бўйича мусобақа ўтказилди.
Мусобақада барча шаҳар ва туманларда ўтказилган миллий кураш бўйича беллашувларда ғолиб бўлган нуронийлар иштирок этди. Улар 80 килограммгача ва 80 килограммдан юқори бўлган вазнларда курашди. Мусобақа якунида 80 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги полвонлар ўртасида фахрли биринчи ўринни Қўнғирот туманидан А.Атабаев, иккинчи ўринни Мўйноқ туманидан А.Сақтаганов, учинчи ўринни Чимбой туманидан П.Данияров, Кегейли туманидан А.Жиенбаевлар эгаллади. 80 килограммдан юқори вазндаги полвонлар орасида биринчи ўринга Қўнғирот туманидан З.Эшмуратов, иккинчи ўринга Нукус шаҳридан Н.Давлетияров, учинчи ўринга Амударё туманидан Д.Эшчанов, Кегейли туманидан Ў.Утемуратов муносиб кўрилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги «Камбағалликдан фаровонликка» дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида бу каби чора-тадбирлар барча жойларда амалга оширилмоқда.
Хусусан, «Ёшлар маркази»да нуроний отахонлар ўртасида шахмат тури бўйича, кекса онахонлар ўртасида эса шашка бўйича республика спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Иштирокчилар олимпиада тизими асосида 4 тур давомида беллашиб, биринчи ўринни Амударё туманидан М.Матякупов, иккинчи ўринни Бўзатов туманидан З.Абипов, учинчи ўринни Нукус туманидан Р.Примов ва Қўнғирот туманидан С.Қурбонов эгаллади. Шашка спорт туридан Беруний туманидан З.Абдуллаева биринчи, Элликқалъа туманидан М.Бабажанова иккинчи, Нукус туманидан З.Қаюпова билан тўрткўллик Г.Гайповалар учинчи ўринга муносиб деб топилди. Ғолиблар «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан тақдирланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги