Инсон қадрини улуғлаш орқали уларга муносиб шароит яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш ислоҳотларнинг замири саналади

64

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлади.

Президентимиз Ўзбекистонда давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, глобал миқёсда ушбу мақсадларга эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 триллион доллардан зиёд маблағ зарур.

Бундай шароитда хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича “камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси”га эҳтиёж сезилмоқда.

Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида Президентимиз 2026 йилда кўҳна Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражадаги конференция ўтказишни таклиф қилди.

– Инсон қадрини улуғлаш орқали уларга муносиб шароит яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш – Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотларнинг замирини ташкил қилади.

Бир нарсага аминман: Ўзбекистон ортга қайтмас ислоҳотлар йўлидан қатъий бориб, камбағалликни қисқартириш борасида ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш бўйича ҳам барча мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилади”, – деди сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ва анжуман ишига муваффақиятлар тилади.

ЎзА