Шароити оғир бир мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлади.
Ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароит яратиш кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.
Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шароити оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Натижада шу йилнинг ўзида 470 минг хонадон томорқасига сув борди, яна 790 минг хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланди.
Келгуси йилда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.
Президентимиз халқаро молия институтларини ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда камбағалликни қисқартириш талабини киритишга чақирди.
ЎзА