Қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда

110

Ўлкамизга куз фасли кириб келиши билан об-ҳаво салқинлашиб аҳолининг иссиқликка бўлган талаби орта бошлайди. Бугунги кунда истеъмолчиларга узлуксиз табиий газ етказиб беришда ортиқча муаммоларни юзага келтирмаслик мақсадида, соҳа ходимлари асосий эътиборни газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларига қаратмоқда.

Ҳозирги вақтда республикамизнинг шаҳар ва туманларида газ таъминоти билан боғлиқ ҳудудлар ўрганиб чиқилиб, ўша жойлардаги газ тармоқларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.

Бу борада Элликқалъа туманида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туман бўйича 15 579 та аҳоли хонадони ва 274 та улгуржи истеъмолчи табиий газ билан таъминланган. Газ таъминоти бўлими томонидан куз-қиш ойларида истеъмолчиларни мавсумдан талофатсиз олиб чиқишнинг барча чоралари кўрилмоқда.

-2025-2026 йилнинг куз-қиш даврига тайёргарлик кўриш мақсадида режада белгиланган 1,2 км газ тармоқларини реконструкция қилиш, 281 газ тақсимлаш пунктларини текширувдан ўтказиш ва 2 тасига капитал таъмирлаш ишлари, 60 км ер усти газ тармоқларини ва 146,2 км ер ости газ тармоқларини юқори босим остида синовдан ўтказиш, 40 км газ тармоқларини бўяш ишлари якунланди, – дейди Элликқалъа тумани газ таъминоти бўлими бошлиғи Зафар Абдуллаев.

Албатта, газ тармоқларини олдимизда турган куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш, кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифадир. Шундай экан соҳа мутахассислари томонидан олиб борилаётган бундай ижобий ишлар, ўз навбатида истеъмолчиларни барқарор табиий газ билан таъминлашда ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси