Қарз шартномасининг турлари ва низоларни қонуний ҳал этиш шартлари

69

Статистик маълумотлар бугунги кунда судларда фуқаролар ўртасида қарз ундириш билан боғлиқ низоларнинг кўпайиб бораётганлигини кўрсатади.

Аксарият ҳолларда фуқаролар қарз бериш ёки олиш жараёнида ҳуқуқий талабларга эмас, балки оддий тилхатга таянади. Бироқ, шундан келиб чиқиб, кейинчалик турли низолар юзага келади. Маълумки, фуқаронинг қонунни билмаслиги уни жавобгарликдан озод этмайди. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ҳуқуқий муносабатга киришишдан олдин, ўзининг амалга оширмоқчи бўлган ҳаракатлари ҳақида етарли ҳуқуқий тасаввурга эга бўлиши зарур.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида қарз шартномасининг турлари, шартлари, қарз олувчининг қарзни қайтариш мажбуриятлари, қарз шартномаси шартлари бузилганда келиб чиқадиган оқибатлар ва бундай шартномалар бўйича даъволашиш тартиблари аниқ белгилаб қўйилган. Кодексга кўра, қарз шартномаси деганда бир томон – қарз берувчи, иккинчи томон – қарз олувчига пул ёки мол-мулкни топширади ва қарз олувчи белгиланган муддатда шу миқдордаги пул ёки мол-мулкни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шартнома қарздор амалда пул маблағи ёки мол-мулкни олган пайтдан бошлаб кучга киради. Агар, қарз суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп бўлса, фуқаролар ўртасидаги шартнома албатта ёзма шаклда тузилиши шарт. Томонлардан бири юридик шахс бўлса, суммасидан қатъи назар шартнома ёзма шаклда расмийлаштирилиши керак. Кўпинча аҳоли ўртасида тилхат ёзиш билан чекланади ва судга даъво аризалари шу тилхат асосида киритилади. Аслида эса тилхат ҳам ёзма шартнома сифатида ҳуқуқий кучга эга.

Бироқ, ёзма шаклига риоя қилинмаса, бу шартномани ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлмайди. Бироқ, низо чиққан тақдирда, тарафлар гувоҳлар кўрсатмаси билан эмас, балки ёзма далиллар ёрдамида шартнома мавжудлигини ёки унинг бажарилганлигини исботлаши мумкин. Масалан, агар қарзни бўлиб-бўлиб қайтариш назарда тутилган бўлса ва қарздор белгиланган тўлов муддатини бузса, қарз берувчи қолган қарзнинг барчасини фоизлари билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Шунингдек, қарздор ҳақиқатда ҳам пул ёки мол-мулкни олмаганини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганини исботласа, даъво қилиши мумкин.

Амалиётда энг кўп учрайдиган ҳолат – қарздор қарзини қайтарса ҳам, аввал ёзган тилхатини қарз берувчидан қайтариб олмагани. Бу эса кейинчалик катта муаммоларга сабаб бўлиши мумкин, чунки, гувоҳларнинг кўрсатмаси билан қарзнинг қайтарилганини исботлаб бўлмайди. Шунинг учун қарздор қарзни қайтарганда қарз берувчидан албатта тилхат ёки қайтарилган ҳужжатни талаб қилиши шарт. Қонунга мувофиқ, қарз берувчи қарздорнинг талабига мувофиқ қарз қайтарилганини тасдиқловчи тилхат бериши керак ёки олдиндан ёзилган тилхатни қайтариши зарур. Агар, қайтаришнинг имкони бўлмаса, бу ҳолат қарз берувчи томонидан берилган янги тилхатда албатта кўрсатилиши шарт.

Суд амалиётидан олинган мисолда ҳам даъвогар Р.К. жавобгар К.Ғ.дан 10.000.000 сўм қарз ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган. Суд мажлисида жавобгар К.Ғ. даъвогар Р.К.дан олган қарзини тўлиқ қайтарганлигини, буни гувоҳ С.К. тасдиқлашини билдирган. Бироқ, жавобгар К.Ғ. қарз берувчи Р.К.дан ўзининг қарз олган вақтида ёзиб берган тилхатини қайтариб олмаган ёки қарз берувчи Р.К.дан қарзини қайтариб олганлиги ҳақида тилхат ёздириб олмаган. Суд мажлисида қарздор қарзини қайтарганини айтса-да, тилхатни қайтариб олмагани учун гувоҳ кўрсатмаси етарли деб топилмаган. Натижада қарздорнинг ҳуқуқий имкониятлари чекланган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир фуқаро қарз олиш ёки беришда қонун талабларига амал қилиши шарт. Ёзма шартнома тузиш, тилхат ёзиш ва қарз қайтарилганда тегишли ҳужжатни қайтариб олиш – бу нафақат ҳуқуқий талаб, балки низоларнинг олдини олишнинг энг самарали йўлидир.

Зулфия БОБОЖОНОВА

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги