Экологиямиз қонун ҳимоясида

Инсоният тараққиёти билан саноатда кечаётган ўзгаришлар аҳоли турмуш даражасини яхшилаш билан бир қаторда, табиат ва атроф-муҳитга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бугунги кунда ҳавонинг ифлосланиши, сув танқислиги, қурғоқчилик жараёнлари, чанг бўронлари каби экологик муаммоларни бартараф этишда нафақат маънавий, балки ҳуқуқий жавобгарлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 62-моддасида фуқаролар атрофдаги табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, 68-моддага мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик ҳисобланади ва давлат муҳофазасида туради. Ана шу мезонлардан келиб чиқиб, мамлакатимизда долзарб бўлган «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Экологик экспертиза тўғрисида»ги, «Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XIV боби (193-204-моддалар) да атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, ер ва сув ресурсларини ифлослантириш, ноқонуний дарахт кесиш ёки ҳайвонот дунёсига зарар етказиш, ерларнинг унумдорлигини йўқотиш, уларга зарар етказиш, саноат чиқиндиларини қонунга хилоф равишда ташлаш каби қилмишлар оғир жиноят ҳисобланади ва улар учун қонунчиликда қатъий жазо чоралари белгиланган. Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг VIII бобида (65-96-моддалар) экология ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кўрсатилган. Масалан, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга келтириш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни ифлослантириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш учун маъмурий жарималар ва бошқа чоралар белгиланган.
Ҳуқуқий асослардан кўриниб турганидек, табиатга етказилган ҳар бир зарар учун жавобгарлик муқаррар. Бу эса давлатимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига катта аҳамият қаратаётганини кўрсатади.
Бинобарин, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – нафақат фуқаролик бурчимиз, балки қонун олдидаги масъулиятимиздир.
Алишер Аметов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги