Ўзбекистон — Венгрия парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

90

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов Венгрия Миллий ассамблеяси раиси ўринбосари Иштван Якаб билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик ва ишончга асосланган самарали ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди. Шунингдек, меҳмонларга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, И.Якаб Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистонга илк маротаба ташриф буюргани ва бу охиргиси бўлиб қолмаслигини, ташриф давомидаги таассуротларини, пойтахт Тошкент ҳақидаги илиқ фикрларини билдирди. Мамлакатда мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар юз бераётганини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотни фаоллаштиришда парламентларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ошиб бораётганига урғу берилди. Икки давлат парламентларидаги дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламентлараро мулоқотни мазмунан бойитиш лозимлиги қайд этилди.

М.Комилова,

ЎзА