Айрим низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади

“Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–280-сон) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз талаблар бўйича нотариуслар томонидан ижро хатлари ёзиш тартиби жорий этилади:
— нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб;
— ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб;
— ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадал ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда нотариус лавозимида бўлишнинг энг юқори ёш чегараси 65 ёшдан 70 ёшга оширилади.
Бунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган суҳбат натижасига кўра нотариус ўз розилиги билан иш фаолиятини 70 ёшгача амалга ошириши мумкин.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан давлат нотариал идораси нотариусини лавозимига тайинлаш бўйича танлов ва хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш бўйича малака имтиҳони ўрнига ахборот технологияларидан фойдаланиб, 2 босқичли ягона танлов тартиби жорий этилади:
— 1-босқичда талабгорлар давлат ва жамият бошқаруви ҳамда коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик ҳуқуқи, нотариат ва ворислик ҳуқуқи соҳалари бўйича тест синовларидан ўтади.
— 2-босқичда тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорлар Олий малака комиссияси томонидан ўтказиладиган амалий имтиҳонда нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини махсус электрон платформада тайёрлайди ва муаммоли масалага (казусга) жавоб беради.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан:
— хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус касбий фаолиятини узрли сабабларга кўра бажара олмаганда, унинг аризасига асосан лицензиясининг амал қилиш муддати тўхтатиб турилади;
— нотариус лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатишдан ташқари огоҳлантириш ва жарима кўринишидаги муқобил таъсир чораларини қўллаш механизми жорий этилади;
— нотариал расмийлаштирилган барча ҳужжатлар нотариуснинг имзоси, муҳри ва/ёки QR код (матрик штрихли код) билан тасдиқланади.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 декабрдан республикада нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари нусхасини “Нотариус” ахборот тизими (Тизим) га мажбурий юклаш тартибини жорий этиш орқали уларнинг аслини нотариуслар томонидан талаб қилиш бекор қилинади.
Бунда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзувлар электрон қурилмаларда сақланади ҳамда уларни Тизимда тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатга бириктириш ва сақлаш имконияти яратилади.
2026 йил 1 январдан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун нотариусга Ўзбекистон фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиш талаби бекор қилинади.
Бунда фуқароларнинг шахси уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали верификация қилинади.
2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва ундаги улушлар билан боғлиқ барча битимлар нотариус томонидан Тизим орқали давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилади.
Сўнг, кўчмас мулк объекти давлат рўйхатидан ўтказилганда унинг янги мулкдори ҳақидаги маълумотлар коммунал хизматлар ташкилотларининг электрон ахборот тизимларига автоматик тарзда юборилади ва маълумотлар базаларида янгиланади.
У.Қурбонов, ЎзА