Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтади

63

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 10-13 сентябрь кунлари “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми бўлиб ўтади. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Америка Қўшма Штатларининг “Love Your Neighbor Community” – LYNC нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.

Мазкур тадбир 2022 йил Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган, кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси расмий ҳужжати сифатида эътироф этилган Бухоро декларацияси қабул қилиниши билан якунланган форумнинг мантиқий давомидир.

2016 йилдан буён Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунто-дел-Эсте каби шаҳарлар мезбонлик қилган айни йўналишдаги тадбирлар маърифат, диний эркинлик ва бағрикенглик маданияти ғоялари илгари сурилган нуфузли халқаро майдон сифатида намоён бўлди. Ушбу форумларнинг ҳар бири концептуал ҳужжатлар – тегишли номдаги декларациялар қабул қилиниши билан якунланган.

Ўзбекистонда форум илк бор 2019 йил ўтказилди ва шундан буён дунё ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ҳамда диний-фалсафий мероси, мамлакатимизнинг жамиятда конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ўзаро англашув муҳитини таъминлаш борасидаги ўзига хос тажрибасини намойиш этиш имконини берувчи нуфузли халқаро анжуман мақомини олди. Бу гал эса диёримизга 15 мамлакат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиёнинг барча давлатларидан 50 нафарга яқин етакчи диншунос, илоҳиётчи олим, эксперт ва юқори мартабали шахслар келиши кутиляпти.

Форум якунида жаҳон ҳамжамиятига қарата якуний Мурожаатнома қабул қилинади. Мазкур муҳим ҳужжатда диний озчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, диний эътиқод асосида камситишга йўл қўймаслик, диний маърифатни зўравон экстремизмга қарши курашиш воситаси сифатида ривожлантириш, эътиқод эркинлигини инсоннинг умумбашарий ҳуқуқи сифатида тасдиқлаш ҳамда диний ёки маданий қарашидан қатъи назар, барча инсонлар тенг ҳуқуққа эгалигини рағбатлантиришга чақирилади.

Умуман, “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми натижаси глобал хилма-хиллик шароитида диний бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, саховат ва халқларнинг тинч-тотув яшашини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.

ЎзА