Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлиги халқаро рейтингларда ўз аксини топмоқда

47

Муносабат

Кейинги йилларда Европа билан Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Европанинг етакчи компания ва молия муассасалари билан амалга оширилаётган лойиҳалар портфели 30 миллиард евродан ошгани фикримизнинг далилидир.

Бу жараён умумий сиёсий ирода ва чуқур трансформация ислоҳотлари орқали барқарор ҳамда ортга қайтмас йўналишга эга бўлди.

Жорий йил Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ҳам бу йўналишдаги муҳим қадамлардан ҳисобланади. Хусусан, мазкур саммит доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги мазмун касб этди. Банкнинг 2024–2029 йилларга мўлжалланган дастури ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ўзаро уйғунлашиб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятлар яратмоқда.

Шу муносабат билан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Анди АРАНИТАСИ билан суҳбатлашдик. Унда банкнинг мамлакатимиздаги фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

– Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда ўттиз икки йилдан буён фаолият юритиб келмоқда, – деди Анди Аранитаси. – Шу кунгача 185 та лойиҳа орқали қарийб олти миллиард евро инвестиция киритдик. Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу инвестициянинг қарийб 80 фоизи 2017 йилдан кейин, яъни сўнгги саккиз йилга тўғри келади. Айнан шу йилларда ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Кейинги саккиз йилда мамлакатингиз изчил ислоҳотлар йўлидан бормоқда. Бугунги кунда эса юртингизга нафақат молиявий, балки интеллектуал жиҳатдан ҳам мақсадларга эришишда кўмаклашадиган ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлар зарур. Бизнинг банкимиз айнан шу йўналишда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор лойиҳаларни мувофиқлаштирмоқда.

ЕТТБ Марказий Осиё минтақасида энг катта ҳажмдаги инвестицияни айнан Ўзбекистонга йўналтирган. Ажратилган маблағнинг етмиш фоиздан ортиғи хусусий сектор лойиҳаларига, шунингдек, “яшил” ташаббусларга қаратилган. Келгусида ҳам стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятдамиз. Асосий эътибор хусусий сектор, ўрта бизнес, аёллар ва ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор тузилмани ривожлантириш каби йўналишларга қаратилади.

Айниқса, 2019 йилда ташкил этилган, Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги хорижий инвесторлар кенгашини қўллаб-қувватлаймиз. Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо ушбу кенгаш Ўзбекистонни инвесторлар учун жозибадор мамлакат сифатида танитишда марказий ўрин тутишини алоҳида таъкидлайди.

Дарвоқе, мазкур кенгаш хорижий инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги мулоқот учун жуда муҳим платформа ҳисобланади. Хорижий инвесторлар кенгашига алоҳида урғу беришимнинг сабаби шундаки, у мамлакатдаги бизнес муҳитини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатдаги ислоҳотлар натижаси ва Ўзбекистоннинг S&P Global ҳамда Fitch халқаро рейтинг компаниялари томонидан берилган юксак баҳосида ҳам ўз аксини топмоқда.

Юртингиз минтақада фаол, минтақавий ҳамкорлик ва тинчликни таъминлашнинг аъло даражадаги намунаси бўла олди. Ҳар қандай минтақада мамлакатлар ўртасидаги интеграция ва алоқаларни кенгайтириш жуда муҳим. Чунки бу ишбилармонлик муҳитини яхшилайди, иқтисодиётни ривожлантиради ва инсонлар ҳаётини фаровон қилади.

Ўзбекистон ташаббуси билан чегара ва минтақавий масалаларга оид кўплаб низолар ҳал этилди. Бу жараён Президент Шавкат Мирзиёев лавозимга келганидан сўнг бошланди ва натижада шу йил Тожикистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги сўнгги келишув билан якунланди. Шу боис, мамлакат минтақада жуда муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг яна бир далили сифатида жорий йил апрелда Ўзбекистон “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитига мезбонлик қилганини айтиш мумкин.

Самарқандда юксак даражада ўтказилган ушбу саммит мамлакатнинг Марказий Осиёдаги етакчи ролини ва халқаро интеграция жараёнларида минтақага йўл кўсатаётганини яққол намойиш этди.

ЎзА мухбири
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.