Мулоқот самарали ўтди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов «Ostim» компаниялари гуруҳи бошқарув кенгаши раиси ўринбосари, бош директор Адем Арижи ва «Ostim Global» ўзбек-турк саноат кластери бошқарув дирекцияси ижрочи директори Жамшид Хидоятов билан учрашди.
Унда Нукус шаҳрида Саноат Технопаркини барпо этиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, учрашувда ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш, инновацион технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган Фармонига мувофиқ Тикланиш ва тараққиёт фондининг 40 млн. доллар фоизсиз кредит маблағлари ҳисобидан Нукус шаҳрида саноат технопаркини ташкил этиш учун ишлаб чиқаришга мўлжалланган бино ва объектларни қуриш, ички муҳандислик-коммуникация тармоғига улаш ишлари олиб борилиши белгиланган.
Ўтказилган учрашув давомида тижорат таклифи ва шартнома шартлари келишиб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги