Қўнғиротда университетнинг янги факультети очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19-20 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида, 2025-2026 ўқув йилидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Қўнғирот факультети очилиши белгилаб берилган эди.
Шу муносабат билан 5 сентябрь куни «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ ҳудудида Қорақалпоқ давлат университетининг Қўнғирот факультетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қўнғирот тумани ҳокими Бегзод Мадаминов, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ директори Шуҳрат Шамуратов, университет жамоаси, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб университет ректори, академик Ахмед Реймов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятларни алоҳида таъкидлади.
– Бугун ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан таълим тизими, жумладан, олий таълим соҳасида амалга оширилаётган Ислоҳотлар натижасида ёшларимиз ўз қобилиятларини юзага чиқариш, таълим олиш, замонавий касбларни эгаллаш учун кенг йўл очилмоқда,-деди ўз сўзида университет ректори.-Қўнғиротда университетимиз факультетининг очилиши нафақат ушбу туман, балки, бутун Қорақалпоғистон ёшлари учун катта имконият. Энди ёшларимиз ўз уйидан узоқлашмасдан, замонавий шароитларда таълим олиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишади.
Шунингдек, ректор таълим сифати, ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ режалар белгиланганини таъкидлади.
Тантанали маросимда Қўнғирот тумани ҳокими Бегзод Мадаминов янги факультетнинг очилиши туманда ёшларнинг таълим олиши ва касбий ривожланиши учун муҳим қадам эканлигини айтиб, барчани янги факультетнинг очилиши билан самимий табриклади.

Шуни айтиб ўтишимиз керакки, бу янги факультетнинг иш бошлаши мамлакатимизнинг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини ҳудудий даражада мустаҳкамлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтиришга қаратилган. Шу мақсадда Қорақалпоқ давлат университетининг Қўнғирот факультети нафақат илмий-методик марказ, балки амалиётга йўналтирилган таълим даргоҳи сифатида ўз фаолиятини олиб боради.
Тадбирда бино олдига тортилган лента қирқилиб, иштирокчилар ўқув даргоҳида талаба-ёшлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси