Осиё чемпионини туман ҳокими тақдирлади

150

Жорий йилнинг 28 август – 1 сентябрь кунлари Хитойнинг Шэнян шаҳрида спортнинг академик эшкак эшиш тури бўйича 19 ва 23 ёшлилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтган эди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида республикамиз спортчиларидан қизлар ўртасида Айдана Сметтулаева олтин, Нурила Абдуалиева бронза, эркаклар ўртасида Бобур Хайтбаев кумуш медалларни қўлга киритган эди.

Тахтакўпир тумани ҳокими Жамбул Адилов асли тахтакўпирлик бўлган Осиё чемпиони Айдана Сметуллаева ва унинг онаси билан учрашиб, ёш спортчини қўлга киритган катта ютуғи билан табриклади. Учрашувда туман ҳокимлиги томонидан спортчига Ҳурмат ёрлиғи, ота-онасига Миннатдорлик хати топширилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Айдана Сметуллаева 2021 йилдан бошлаб Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида таълим олиб келмоқда.

У 2022 йилдан бошлаб академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси аъзоси, халқаро даражадаги спорт устаси ҳисобланади.

А.Сметуллаева республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган спорт мусобақаларида самарали иштирок этиб, спортнинг академик эшкак эшиш бўйича истиқболли спортчилардан бири. Хусусан, тахтакўпирлик ёш спортчи 2022 йил Тошкент вилоятида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ва кубогида олтин, 2023 йил Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ўтказилган «Москва Регатаси» халқаро турнирида бронза, 2023 йил Таиланд мамлакатида ўтказилган Осиё чемпионатида бронза, 2024 йил сентябрь ойида Хитой мамлакатида ўтказилган Осиё чемпионатида олтин, 2025 йил “Москва Регатаси» халқаро турнирида яна бронза, 2025 йилнинг август ойида Литва мамлакатида ўтказилган Жаҳон чемпионатида кумуш, Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Тахтакўпир тумани ҳокимлиги томонидан ёш спортчига кўрсатилаётган бундай эътибор, унинг келгуси мусобақаларда ҳам юқори натижаларни кўрсатишига руҳий далда бўлади деб ишонамиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси