Ўзбекистон ва Беларусь: Ўзаро ҳамкорликка қаратилган муҳим меморандум ва битимлар имзоланди

Ўзбекистон-Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми доирасида “Ўзбекистон – Беларусь: таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида секция ташкил этилди.
Унда ўзаро ҳамкорлик, технологик ривожланишда илм-фаннинг ўрни, фармацевтика саноатининг истиқболлари, оналар ва болалар саломатлиги, шунингдек, тиббиёт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масалалари диққат-марказида бўлди.
Таълим дастурларининг интеграцияси ва тажриба алмашиш, умумий билимлар маконини шакллантириш, хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрни, халқаро лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Университетлар ва профессионал ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Миллий университети ва Витебск давлат университети ўртасида илмий-инновацион ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Андижон давлат университети ва Гродно давлат университети, Фарғона техника университети ва Гомель техника университети, Бухоро техника университети ва Беларусь озиқ-овқат ва кимёвий технологиялар университети, Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳамда Витебск технология университети ўртасида ҳам келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Беларусь Журналистлар уюшмаси ўртасида профессионал ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
***
Бизнес-форум доирасида ўтказилган “Ўзбекистон – Беларусь: агросаноат соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришда экспертлик нигоҳи” мавзусидаги 5-секцияда агросаноат соҳасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фермер хўжаликлари ва аграр кластерлар фаолиятини замонавий технологиялар асосида ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Беларуснинг агросаноат соҳасида юқори технологиялар, механизация ва кадрлар тайёрлашдаги тажрибаси амалий аҳамиятга эга экани қайд этилди.
2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича савдо айланмаси 234,2 миллион, 2025 йил январь – май ойларида эса мазкур кўрсаткич 122,7 миллион долларни ташкил этган.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Беларусь Миллий фанлар академиясининг В.Купревич номидаги Экспериментал ботаника институти ҳамда Ўзбекистон Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва Беларусь Миллий фанлар академиясининг “Зиғир институти” Республика илмий шўъба унитар корхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
***
Бизнес-форум доирасидаги 6-секция демократия, ҳуқуқ устуворлиги ва барқарор ривожланишда ёшларнинг иштирокига бағишланди
Ўзбекистонда ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш мақсадида Ёшлар парламенти фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилди. Хотин-қизларнинг IT ва сунъий интеллект соҳаларидаги етакчилигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган дастурлар амалга оширилаётгани ҳақида фикр юритилди. Бу борадаги мамлакатимиз тажрибаси алоҳида эътироф этилди.

Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон илгари сурган “яшил дипломатия” ташаббуси ҳавола қилинди. Мазкур ташаббус ёшларнинг экологик онгини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, ёшлар алмашинуви дастурлари, қўшма лойиҳалар ва мулоқот майдонини кенгайтириш масалалари муҳим йўналишлар сифатида белгиланди.
***
Форум доирасида Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларининг барқарор ривожланишини таъминлашда маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган секцияда икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Нафақат парламентлар, балки ҳокимиятнинг ҳудудий вакиллик органлари ўртасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Ҳудудларни ривожлантиришнинг самарали воситаси сифатида депутатлик назорати, халқ депутатлари кенгашлари ишида жамоатчиликнинг фаол иштироки, Минск ва Тошкент шаҳарлари ўртасидаги биродарлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, икки пойтахт ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари диққат-марказида бўлди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон Сенатининг маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгашининг Минтақавий сиёсат ва маҳаллий ўзини ўз бошқариш бўйича доимий комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Термиз шаҳри ва Полоц тумани ўртасида дўстона муносабатларни ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди.
Келишувлар, имзоланган битим ва меморандумлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, пировардида икки мамлакат тараққиётига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА