Муҳим масалаларга эътибор қаратилди

109

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ҳамда олий таълим муассасаларининг раҳбарлари ва масъуллари иштирок этди.

Йиғилишнинг асосий мавзуси — куз-қиш мавсумини хавфсиз ва зарарсиз ўтказиш, талабалар ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Шу мақсадда заҳарли газлардан эҳтиёт чораларини кўриш, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, ётоқхоналар ва ижара уйларда иситиш тизимларидан тўғри фойдаланиш каби масалаларга алоҳида урғу берилди. Шунингдек, талаба-ёшларда ҳушёрлик ва сергаклик маданиятини шакллантириш, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг масъулияти яна бир бор эслатиб ўтилди.

Ф.Эрманов ўз чиқишида таълим муассасаларини куз-қиш мавсумларига пухта тайёргарлик кўришга, хавфсизликка оид тарғибот ишларини кучайтиришга ва талабаларнинг бепарволик билан боғлиқ хатти-ҳаракатларига йўл қўймасликка чақирди. Шунингдек, йиғилиш давомида газ ҳидидан заҳарланиш ҳолатлари ҳақида тайёрланган махсус видеороликлар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Ўтказилган мазкур тадбир талаба-ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ва келгуси мавсумни барқарор ўтказиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги