Янги ўқув йилидаги режа ва вазифалар белгилаб олинди

216

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Янги 2025-2026-ўқув йилига тайёргарлик масалалари: олдиндаги режалар ва вазифалар» мавзусидаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди.

Ҳайъат йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан Э.Мўминов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири А.Аяпов, вазирликнинг сектор раҳбарлари, олий таълим ўқув юртлари ректорлари ва директорлари ҳамда касб-ҳунар таълими ташкилотлари (техникумлар) директорлари иштирок этди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири А.Аяпов олиб борди.

Унда сўзга чиққанлар дастлаб Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами ва янги 2025-2026 ўқув йили билан самимий табриклаб, замонавий педагогик касбий таълимни ривожлантириш, ўқув жараёнида инновацион технологияларни кенг қўллаш ва таълим сифатини оширишга қаратилган долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш давомида республикамиздаги олий таълим муассасалари ва профессионал таълим ташкилотларида ўтган ўқув йилида йўл қўйилган хато-камчиликлар билан бирга янги 2025-2026 ўқув йилига тайёргарлик ишлари, раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий компетентлигини ривожлантириш, ўқув-методик таъминотини кучайтириш, таълим жараёнини самарали ташкил этиш, халқаро таълим дастурларини жорий этиш бўйича масалалар ҳам қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳайъат йиғилишида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Йиғилишда амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар ижросига қаратилган тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги