Оролбўйида умумхалқ хайрия ҳашари давом этмоқда

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами олдидан ташкил этилган “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги умумхалқ хайрия ҳашари Оролбўйида ҳам уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Барчангизга маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунинг натижасида маҳаллалар, кўча ва хиёбонлар ўзгача чирой очиб, кўзларни қувонтирмоқда.
Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутасаддиларининг маълум қилишича, икки кунлик хайрия ҳашари давомида 500 минг нафарга яқин фуқаро иштирок этиши кутилмоқда. Шундан 172 минг нафарга яқинини ёшлар ташкил этади.
Ҳашарда 2 минг 418 гектар майдон ободонлаштирилади, 1 минг 900 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланади, 981 километрлик ариқ-зовур ва лоток тозаланади. Бу ишларга 377 та техника воситаси жалб этилади. 461 та қабристон, 8 та зиёратгоҳ, 13 минг 288 та кўча тозаланиб, ободонлаштирилади. 235 минг 388 та дарахтга чиройли кўриниш берилиб, оқланади.
428 та болалар ўйин майдончаси таъмирланиб, тартибга келтирилади. 23 мингдан зиёд хонадоннинг томорқалари ободонлаштирилади. 943 та хонадонга тегишли уй-жойлар таъмирдан ўтказилади. 1 минг 851 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилади.
Ҳар бир юртдошимиз ўзи яшаётган ҳудудни тоза, гўзал ва обод масканга айлантириш учун бор имкониятини сафарбар этиши керак. Бу нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки халқимизнинг маънавий оламини бойитишга ҳам хизмат қилади.
Ушбу ҳашар нафақат ҳудудларни чиройли кўринишга келтириш, балки халқимиз ўртасида азалдан мавжуд бўлган ҳамжиҳатлик, дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА