Анорзорда ҳосил мўл

136

ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида аҳолини арзон нархларда мева-сабзавот, полиз экинлари билан узлуксиз таъминлаш, ички бозордан ортган маҳсулотни хорижга экспорт қилиш бўйича намунали ишлар йўлга қўйилган.

Бугунги кунда туманда боғдорчилик ва узумчилик йўналишида 61 та қишлоқ хўжалиги корхонаси фаолият юритаётган бўлса, уларнинг жами 1 минг 46 гектар майдонда мевали боғи бор. Шундан 641 гектари ҳосилдор, 405 гектари янги боғлардир. Шунингдек, жорий баҳор мавсумида фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 76 гектар майдонда интенсив боғ ташкил қилинди.

“Чойкўл” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Пўлат Абдураҳмоновнинг асосий касби ўқитувчилик. Деҳқончиликка қизиқиши туфайли у Фарғона вилоятидан икки навдаги анор кўчатларини олиб келиб, ўз томорқасида тажриба сифатида етиштириб кўрди. Натижаси ёмон бўлмади. Буни кўрган туман ҳокимлиги вакиллари унга анор етиштиришни таклиф этиб, 2020 йили овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 8 гектар ер майдонини ажратиб берди. Шу тариқа “Аму анорлари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди.

Ўтган йили боғнинг дастлабки ҳосили ички бозорда сотилди. Бу йил Пўлат оға 8 минг 500 туп анор парваришлаяпти. Ҳозирда боғда ҳосил мўл, даромад ҳам шунга яраша баракали бўлиши кутилмоқда.

ЎзА фотомухбири

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар