Байрам арафасида ҳудуддаги криминоген вазият ўрганилди

96

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш. Аминов Тахтакўпир туманида бўлиб, Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси ҳамда туманда ижтимоий ва иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи билан танишди.

Дастлаб тумандаги “Каусар тегирмон” масъулияти чекланган жамиятига қарашли чорва моллари етиштириш фермасида  чорва молларини кўпайтириш ва парваришлаш жараёнлари, жунни қайта ишлаш ва ун ишлаб чиқариш фаолияти билан танишиб, фаолиятни янада кенгайтириш борасидаги масалаларни масъуллар иштирокида муҳокама қилди. Сўнгра “Қаратерен” масъулияти чекланган жамиятининг табиий туризм объектлари ва миллийликни ўзида жамлаган мажмуаларни қуриш ишларини кўздан кечирди. Бундан ташқари, туман деҳқон бозоридаги нарх-наво барқарорлиги, жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ўрганиб, савдо ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни инсон омилисиз амалга оширишни жорий этиш ишларини якунига етказиш, бозор ҳудудига кириб-чиқишни тартибга солиш, савдо учун шароит ва имкониятларни  янада яхшилаш борасида масъулларга топшириқлар берди.

Шунингдек, криминоген вазиятидан келиб чиқиб, “қизил” тоифага кирган «А. Адилов» овули фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги ва овул фаоллари, нуронийлар билан учрашди. “Йўл харита”да белгиланган вазифалар ижроси, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ва соҳага оид фаолият юзасидан маҳалла еттилигининг ҳисоботларини тинглади. Маҳалла фаолларининг ишларни самарали ташкил этиш ва мавжуд муаммолар юзасидан билдирган таклифлари ижро учун назоратга олинди.

Туман прокуратурасида ходимлар учун яратилган шароитлар, иш юритиш тартиби, ходимларнинг билим савияси ўрганилди. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш мутахассисларнинг малакаси ва касб маҳоратини ошириш, идорада ишчан муҳитни яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири