Муҳаммад Монирул Ислом: Мустақиллик – тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги байрами муносабати билан Бангладешнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Монирул Ислом ўз табригини изҳор этди.
– Таъкидлаш жоизки, ўтган 34 йил мобайнида Ўзбекистон барқарор тараққиёт, иқтисодий ўсиш ва халқаро майдонда юксак натижаларга эришди, -деди дипломат. – Ўлкада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий инфратузилманинг ривожланиши ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар юксак эътирофга лойиқ.
Эътиборлиси, Бангладеш ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб, сиёсий, иқтисодий, савдо, маданий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик ўз натижасини бериб келмоқда.
Биз бу алоқаларни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдормиз ва барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз.
Ҳар бир миллатнинг ўтмишида унинг тақдирини тубдан ўзгартирган, янги тараққиёт йўлини очган тарихий сана ва воқеалар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, Истиқлол — бу халқнинг эркин ва мустақил яшашга бўлган асрий орзусининг амалга ошиши, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритиши демакдир. Яъни, Мустақиллик – тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори.
Бу улуғ неъмат қадрини англаш ва уни асраш — ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи аслида.
Фурсатдан фойдаланиб, Мустақиллик байрамини нишонлаётган меҳмондўст ўзбек халқига тинчлик, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман.
Ў.Алимов, ЎзА