Кичик бизнес учун жарималар миқдори уч карра камайтирилади

Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида таъкидланди.
Икки йил олдин айланмадан солиқ тўловчилар бухгалтериясини солиқчи юритадиган тизим қилинди.
Бундай хизматлар кўлами кенгайтирилади.
Келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади.
Ушбу ҳисоботларни солиқчиларнинг ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кунда ҳисоботга тузатиш киритиши мумкин бўлади.
Ҳисоботни кечиктиргани учун кичик ва йирик бизнес бир хил жарима тўлаяпти, энг ёмони – ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида-алоҳида жарима бор.
Солиқ қўмитасига 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизим яратиш топширилди.
Бунда кичик бизнес учун жарималар миқдори 3 карра камайтирилади.
ЎзА