ЎзМУ тажрибаси Қорақалпоғистон олий таълим муассасалари амалиётига татбиқ этилади

131

Қорақалпоқ давлат университетида халқаро рейтинглардаги ўринларни яхшилаш, илмий-тадқиқот ишлари ва таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий университети билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий университети,  Қорақалпоғистон олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда етакчи профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Дастлаб Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов олий ўқув юртининг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш йўлидаги устувор йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, халқаро илмий базаларда мақолалар чоп этиш, хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларини жорий қилиш, академик алмашинув имкониятларини кенгайтириш ҳамда илмий ҳамкорликни ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифалари сифатида таъкидланди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов Ўзбекистон олий таълим муассасаларини халқаро миқёсда танитиш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш йўналишида давлат даражасида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирларни алоҳида қайд этди. У, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий фаоллигини рағбатлантириш, хориждаги нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим сифатини ошириш бўйича стратегик вазифалар борасида сўз юритди.

Ректор И. Маджидов Ўзбекистон Миллий университетининг халқаро рейтингларга чиқиш бўйича тўплаган тажриба ва эришган натижалари билан ўртоқлашди. Ушбу тажрибаларни Қорақалпоқ давлат университети амалиётига татбиқ этиш имкониятлари ва истиқболларини атрофлича баён қилди.

Якунда томонлар қўшма илмий лойиҳа, семинар ва тренинглар, халқаро илмий-амалий конференсиялар ҳамда ўқув-услубий алмашинувларни амалга ошириш бўйича келишиб олишди. Бу ҳамкорлик Қорақалпоқ давлат университетининг халқаро рейтинглардаги мавқеини мустаҳкамлаш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ва ҳудуддаги илмий салоҳиятни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири