Янги ўқув йили олдидан муҳим вазифалар белгиланди
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан «Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи!» мавзусида «IV Ўқитувчилар миллий форуми» бўлиб ўтди.
Форумда соҳа раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан тажрибали ўқитувчилар иштирок этди.
Форум доирасидаги тадбирлар ўқитувчилар томонидан тайёрланган, ўқувчиларга дарс ўтишда фойдаланиладиган замонавий ўқув қуроллари, қўлланмалар, қўлбола буюмлар кўргазмаси билан бошланди.
Нукус шаҳридаги «Kardar stem international school» нодавлат таълим муассасасида мактаб ўқитувчилари учун, 27-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячилар учун секция ишлари олиб борилди.
Унда фан йўналишлари бўйича ўқув мақсадлари, янги ўқув-методик мажмуалар ва улардан фойдаланиш бўйича тавсиялар, дарсликларда қўлланилган илғор методикалар, Жанубий Корея тажрибаси асосида мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантиришда инновацион ёндашувлар – ўйинга асосланган таълим, бошланғич таълимда информатика ва ахборот технологиялари фанини ўқитишнинг замонавий усул ва воситалари, таълимдаги замонавий ёндашув, намунавий дарс ташкил этиш ва уни таҳлил қилиш, мезонларга асосланган баҳолаш тизимининг мақсади ва моҳияти, лойиҳага асосланган таълим, eMaktab платформасидан фойдаланиш имкониятлари бўйича тренинг дарслари ташкил этилди.





Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан форум иштирокчилари махсус сертификатлар билан тақдирланди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида мажлис ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Ўтемуратов сўзга чиқиб, «IV Ўқитувчилар миллий форуми» иштирокчиларини самимий қутлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, мазкур форум орқали таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ўқув режалари ва дастурлари, дарсликлар, шунингдек, ўқув жараёнига татбиқ этиладиган илғор методикаларнинг мазмун-моҳиятини соҳа ходимларига етказиш мақсад қилинган.
Президентимиз томонидан ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, келажагимиз бўлган ёш авлодга сифатли таълим бериш, янги авлод дарсликларини яратиш, ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия ишларини сифатли ташкил этиш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан таълим сифати йўналишлари бўйича «Қорақалпоғистон тажрибаси» сифатида «Аъло мактаб-2025» лойиҳаси 2025 йил март ойидан бошлаб ҳудуддаги барча умумий ўрта таълим мактабларида жорий этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг kkbilimlendiriw.uz электрон платформасига мактаблар ва уларнинг натижалари мунтазам равишда киритиб борилмоқда ва йил якунида баҳолаш мезонлари асосида ғолиблар аниқланиши режалаштирилган.
Ўқувчиларга сифатли таълим беришнинг даражасини доимий назорат қилиб бориш мақсадида тажриба сифатида республикамиз бўйича Нукус шаҳри ва туманлардан 17 та умумий ўрта таълим мактаблари белгиланиб, ўқув йили давомида дарс таҳлиллари ўтказиб борилди. Бу ишлар олиб борилган мактаб ўқувчиларидан февраль ойида ўтказилган мониторинг натижасида 50,9 фоиз натижа кўрсатган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 60,9 фоизни ташкил этди.
«Рақамли кутубхона» (lib.uzedu.uz) тизими орқали буюртма бериш, дарсликларни мактабларга етказиб бериш бўйича модуль тажриба-синовдан ўтказилди ва жорий ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этилади.
Республика таълим маркази фан методистлари томонидан ҳар бир ўқув йили учун тасдиқланган билим даражаси юқори бўлмаган мактабларга «Методик-тур» Қорақалпоғистон тажрибаси лойиҳаси асосида манзилли методик ёрдам бериб борилмоқда.
Узлуксиз касбий ривожлантириш тизими асосида, каскад усули орқали 6302 нафар педагогнинг малакаси оширилди.
2024-2025 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида «Касбий ривожланиш куни» ва «Касбий ривожланиш соати» тадбирлари амалга оширилди. Ўтган ўқув йили давомида 144 мингдан зиёд бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқатланиш таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикасида 1995 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб, 3-7 ёшгача бўлган 154 544 нафар боладан 130 039 нафари қамраб олиниб, болаларни боғчаларга қамраб олиш 84,1 фоизга етди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 11 нафар ўқитувчи «Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони, шунингдек, форумда тренерлик қилган 15 нафар ўқитувчи Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Тадбир маданият соҳаси ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.



Форумнинг давоми 19-20 август саналарида Нукус шаҳри ва туманлар миқёсида ҳамда педагогик кенгашлар шаклида 25-29 август саналарида барча мактабларда ташкил этилади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги