“Янгиланаётган Паркент” китоби нашр этилди

162

Давлатимиз раҳбари халқимиз манфаатлари, унинг фаровонлиги юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсад-муддаоси эканини алоҳида таъкидлаб келади. Ана шу эзгу ғоя ўз тақдирини Ватан тақдири билан уйғун кўриб, меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимизнинг онгу шуурида устувор. Яқинда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Янгиланаётган Паркент” номли китобда ҳам айни шу жиҳатлар ўз ифодасини топган. Унда жонажон Ўзбекистонимизда кечаётган улкан янгиланиш ва ўзгаришлар мафтункор Паркент тумани мисолида самимий, гўзал бадиият билан тақдим этилган.

 Ўзининг бетакрор табиати, хушҳавоси, танти ва меҳнаткаш инсонлари билан юртдошларимизнинг ҳайрат ва ҳавасини ўзига жалб этаётган Паркент туманида кейинги йилларда аҳолининг оғирини енгил, мушкулини осон этадиган, одамларнинг турмушини яхшилайдиган, ҳаётдан рози бўлиб яшашга хизмат қиладиган янги режа ва дастурлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 18 июнь куни мазкур туманга навбатдаги ташрифи давомида Паркент кескин ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар даврига қадам қўйгани, бу мафтункор гўшани янада ривожлантириш учун янги куч ва имкониятлар сафарбар этилаётганига халқимиз гувоҳ бўлди.

“Янгиланаётган Паркент” номли тўпламда Президентимизнинг Паркент туманига ташрифи чоғида билдирган фикрлари, масъуллар олдига қўйилган муҳим вазифалар “Паркентни энг гўзал ва обод гўшалардан бирига айлантирамиз” номли сарлавҳа билан тақдим этилган. Унда туманда замонавий турар-жой мавзелари, ишлаб чиқариш корхоналари, сайёҳлик мажмуалари, ижтимоий объектларни барпо этишга оид лойиҳалар, Паркентнинг келажак қиёфаси қандай бўлиши ҳақида аниқ факт ва маълумотлар асосида билдирилган фикрлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Нафақат Паркент, балки юртимиздаги ушбу гўзал гўшага ўхшаш Зомин, Бахмал, Сариосиё, Китоб ва бошқа туманларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш, шу орқали юртимизни янада обод, халқимиз ҳаётини фаровон этишга оид амалий таклиф ва ташаббуслар китобхонларда катта таассурот қолдиради албатта.

Китобда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуманноп Бўриев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, журналист Раҳматилла Шералиев, туман ҳокими Сардор Исоқулов, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, ижодкорлар Ғайрат Шералиев ҳамда Тўхтамурод Ҳасанбоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, “Ғунча” журнали бош муҳаррири, моҳир журналист ва адиба Дилфуза Шомаликова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Зоҳиджон Олов каби ижодкорларнинг Паркент ҳақидаги ҳам таҳлилий, ҳам самимий мақолалари, шеърлари билан танишиш мумкин.

Китобнинг “Шоирлар назмида янграган Паркент” бўлимида юртимизнинг ушбу сўлим гўшасига бағишланган шеърлар билан танишасиз. “Паркентлик ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” номли бўлимда эса юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган паркентлик ёшлар ҳақида маълумотлар келтирилган. Ранг-баранг фотосуратлар китобнинг янада жозибадор, ҳаётий бўлишини таъминлаган.

Бир сўз билан айтганда, “Янгиланаётган Паркент” китоби юртимизда кечаётган беқиёс янгиланишлар, халқимиз онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни ўзида акс эттиргани билан диққатга сазовор.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА  мухбири