Гандбол: Тошкентда ўтадиган қитъа чемпионатининг рамзи тасдиқланди

88

Шу кунларда мамлакатимиз пойтахти Тошкентда жорий йилнинг 20 август куни гандбол бўйича йигирма ёшгача бўлган (U-20) қизлар жамоалари ўртасида бошланадиган XVIII Осиё чемпионати (18th Asian Women’s Junior Handball Championship) баҳсларига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Куни кеча Осиё қитъасининг 10 та давлатидан миллий терма жамоалар қатнашадиган “18th Asian Women’s Junior Handball Championship” чемпионатнинг рамзи ташкилий қўмита томонидан тасдиқланди.

Унда гандболчи тўп билан тезкорлигини, шиддат ва матонатини намоён этиб олдинга интилаётгани тасвирланган.

Чемпионатда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси “А” гуруҳида Хитой, Хитой Тайпейи, Гонконг ва Ҳиндистон жамоалари билан баҳс олиб боради.

Ҳамюртларимиз илк ўйинни 20 август куни Ҳиндистонга қарши ўтказса 21 август куни Гонконг, 24 августда Хитой Тайпейи, 25 август куни Хитой билан куч синашади.

“Б” гуруҳида Жанубий Корея, Япония, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон жамоалари рўбарў келади.

Мусобақалар давомида терма жамоалар қитъа чемпионлиги учун баҳслашиш қаторида келаси йили ўтадиган жаҳон чемпионатига бериладиган тўртта йўлланмага ҳам даъвогарлик қилади.

18th Asian Women’s Junior Handball Championship ўйинларини 8 та давлатнинг 16 нафар ҳаками бошқариб бориши тасдиқланган. Улар орасида ўзбекистонлик ҳакамлар Севара Разақбергенова ва Заҳро Аллаёрова фаолият кўрсатади.

Мусобақалар 29 августга қадар давом этади.

Т. Рўзиев, ЎзА