WhatsApp 6 миллион 800 минг фойдаланувчидан воз кечди

117

Жорий йил биринчи ярмида Мета компанияси “WhatsApp” мессенжери орқали бутун дунё бўйлаб фойдаланувчиларни нишонга олган фирибгарлар билан боғлиқ 6,8 миллион аккаунтни аниқлаб, ўчириб ташлади.

Расмий баёнотга кўра, ушбу аккаунтларнинг кўпчилиги Жануби-шарқий Осиёдаги уюшган жиноят марказлари билан боғлиқ бўлиб, айрим ҳолларда мажбурий меҳнат орқали юритилган.

Мета ушбу маълумотни фойдаланувчилар учун янги аксил фирибгарлик чораси жорий этилаётгани билан изоҳлади. Янги хавфсизлик тизими алоқа манзили рўйхатида йўқ фойдаланувчи сизни гуруҳга қўшганда огоҳлантириш беради.

Мазкур чора охирги пайт кенг тарқалган фирибгарлик тизимига қарши курашга қаратилган. Бунда жиноятчи муайян аккаунтни ўзлаштириб олади ёки сохта инвестиция чизмаси билан боғлиқ гуруҳга қўшиб, алдашга уринади.

Қайд этилишича, “WhatsApp” бу аккаунтларнинг кўпчилигини фирибгарлар тўлиқ фойдаланишга улгурмасдан аниқлаб, блоклаб қўйган.

Масалан, Мета ва “ChatGPT” ишлаб чиқувчиси “OpenAI” билан ҳамкорликда Камбожадаги бир фирибгарлик тизими фош этилган. Жабрдийдаларга ижтимоий тармоқда маъқуллаш (лайк босиш) орқали пул топиш таклиф қилинган. Аслида, бу сохта молиявий пирамида эди.

Одатда фирибгар қурбонига дастлаб СМС-мурожаат йўллайди, сўнгра мулоқотни ижтимоий тармоқ ёки мессенжер орқали давом эттиради. Кўпинча алдов жараёни крипто ёки тўлов платформасида якун топади.

– Агар олдиндан тўлов талаб қилинаётган бўлса, бу алдамчи усул бўлиши эҳтимоли жуда юқори, – дейилган Мета баёнотида. Компания Жануби-шарқий Осиё, хусусан Мьянма, Камбожа ва Таиландда фаолият юритаётган фирибгарлик марказлари хавфидан огоҳлантирган. Бу марказлар одамларни алдов йўли билан ёллаб, мажбуран фирибгарлик билан шуғулланишга жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Ҳудудий расмийлар аҳолини ҳушёр бўлиш, “WhatsApp” икки босқичли аутентификация (two-step verification) функциясидан фойдаланишга чақирмоқда.

Метанинг сўнгги ҳаракатлари рақамли фирибгарликка қарши глобал курашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Мутахассислар фикрича, фойдаланувчининг шахсий эҳтиёткорлиги ва рақамли саводхонлиги бу борада ҳамон ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА