Футзал спорти янги босқичга олиб чиқилади

134

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев ва Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзот Маматқулов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда юртимизда футзал спортини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида сўнгги йилларда мамлакатимизда, айниқса давлат раҳбарияти ташаббуси билан спорт соҳасига кенг йўл очилаётгани, ёшлар ўртасида спортга қизиқиш кучайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, жамоавий спорт турлари — футбол ва футзалга бўлган қизиқиш ортиб, юртимиз байроғини халқаро майдонларда муносиб намоён қила оладиган спортчилар етишиб чиқиши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Мулоқот чоғида футбол билан бир қаторда футзални ҳам жойларда кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида ушбу спорт турини оммалаштириш, турли мусобақалар ташкил этиш орқали иқтидорларни кашф қилиш муҳимлиги билдирилди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон футзал федерациясининг Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий бўлимини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокамадан ўтди.

Томонлар давлат раҳбари томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, Қорақалпоғистонда футзал спортини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан бир қатор аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишди. Хусусан, инфратузилмани яхшилаш, ёшлар учун махсус секция ва курслар очиш, маҳаллий ва республика даражасида мусобақаларни йўлга қўйиш каби масалалар устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги