Қорақалпоғистонда IT қандай ривожланмоқда? Экслюзив интервью

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасига бўлган эътибор кескин ошмоқда. Бу жараён нафақат соҳанинг ривожига, балки минглаб ёшларнинг келажагига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Нукус шаҳрининг марказида қад ростлаган 17 қаватли замонавий IT Park биноси – ана шу тараққиётнинг ёрқин намунасидир. Унда нафақат маҳаллий, балки халқаро компаниялар ҳам фаолият юритиши режалаштирилган.
Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз – Алпамыс Адилбеков, Қорақалпоғистондаги IT Park’нинг стартаплар бўйича бош менежери, ёшлар учун илҳом манбаи, ўз йўлини мустақил топа олган дастурчи ва менежер.

Бир йигитнинг IT сафарномаси
— IT соҳасига қандай кириб келдингиз?
«Бу соҳага университетда ўқиб юрган пайтимда қизиқиш бошланган. Компьютер саводхонлиги курсларида ўқиб, кейин фронтенд, яъни веб-сайтлар юзасига ишлайдиган дастурлаш соҳасини ўргандим. Компьютер таъмирлашни ҳам ўргандим, ҳатто сервис марказларида шогирдлик қилдим.»
Технологияларга қизиқиши уни стартапларга олиб келди. IT Park томонидан ўтказилган Идеатҳон ва Ҳакатон танловларида иштирок этиб, илк тажрибаларини орттирди. Кейин Инкубация дастурида 2 ой давомида ўқиб, стартаплар, грантлар ва бизнес юритиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлди.

— Кейин нима бўлди?
«Команда туздик. Ёш дастурчилар билан биргаликда «Jumıs app» номли стартап ишлаб чиқдик. Демодай танловида қатнашдик. 10 миллион сўмлик грантга талабгор бўлдик, лекин ўта олмадик.»
Бундан кейинги муҳим босқич — БМТ Тараққиёт дастури (PROON)нинг стартаплар танловида иштирок. Бу танловда жамоа 3000 АҚШ доллари миқдорида грант ютиб олди. Танлов давомида Россия ва Озарбайжондан менторлар дарс берди, мутахассислар билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш имкони бўлди.
Бугунги фаолият ва режалар
— Ҳозир қандай иш билан шуғулланяпсиз?
«Ҳозирда Қорақалпоғистондаги IT Park’нинг стартаплар бўйича бош менежери сифатида фаолият юритяпман. Нукусдаги янги IT Park биноси Тошкентдагига ўхшаб, замонавий лойиҳа асосида қурилган. Бу ерда ҳар қандай IT фаолият учун барча шароитлар яратилган.»
Алпамыс айни пайтда ёшлар учун Инкубация дастурини бошлаб, уларни стартапга тайёрлаш, молиялаштириш ва муваффақиятга етаклаш учун доимий равишда иш олиб бормоқда.

— Бу соҳа орқали қанча даромад топиш мумкин?
«Тил билиш (русча, инглизча) асосий шарт. Агар тил бўлса, 1000$ атрофида буюртмаларни қабул қилиш мумкин. Ўртача 500-600 долларни топиш мумкин. Айниқса, SMM, мобилография ва дизайн йўналишлари оммалашган.»

— IT соҳаси ёшларга қандай имконият беради?
«Мен аввал банк соҳасида ишлаганман. У ерда қатъий график бор. Лекин IT соҳасида эркинлик бор — исталган вақтда, исталган жойдан ишлаш мумкин. Бу катта афзаллик.»
Келажакка назар
— Кейинг режаларингиз қандай?
«Мен магистратурани Италияда давом эттирмоқчиман. Менежмент йўналишида ўқиб, янада кучлироқ мутахассис бўлмоқчиман.»
— 5-10 йилдан кейин Қорақалпоғистонда IT соҳасини қандай тасаввур қиласиз?
«Ялпи ички маҳсулот ошади. Экспорт-импорт фаолияти фаоллашади. Хорижий компаниялар кўпаяди. Кўпроқ иш ўринлари яратилади, даромад топиш имкониятлари ортиб боради.»

— Ҳозирги муаммолар ҳақидачи?
«Шароитлар бор, лекин асосий муаммо — кадрлар етишмовчилиги. Буни ҳал қилиш учун ёшлар ўқиши, ривожланиши ва ўз устида ишлаши керак.»
Қисқа саволлар – тезкор жавоблар
TOP IT мамлакатлар?
– Хитой, АҚШ, Германия.
Ҳаёт шиорингиз?
– «Ойни кўзла. Агар адашсанг ҳам юлдузлар орасида қоласан.»
Энг катта мақсадингиз?
– Келажакда юртимизда йирик компаниялар очиш ва жамиятга фойдали бўлиш.
Алпамыс Адилбеков – фақатгина IT соҳасидаги мутахассис эмас, балки ёшлар учун илҳом манбаи ҳамдир. Унинг ҳаётий тажрибаси Қорақалпоғистонда имкониятлар борлигини, фақат улардан тўғри фойдалана билиш кераклигини исботлайди.
Кейинги қаҳрамон ким бўлсин?
Сиз Қорақалпоғистондаги яна қайси илғор ёшлар билан интервью ўқишни хоҳлар эдингиз? Изоҳда ўз таклифингизни қолдиринг ва лойиҳани кузатишда давом этинг!
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари