Халқаро дайжест (+видео)
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху 4 август куни Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш ҳақида қарор чиқарди. Бош вазирга кўра, ҲАМАС томонидан гаровга олинган яҳудий ҳарбийлари жойлашган ҳудудларда ҳам ҳарбий операциялар ўтказиш режалаштирилган. Бу қарор Исроил мудофаа кучлари бош штаби раҳбари генерал-лейтенант Эяль Замирга етказилган. Замир қарорга рози бўлмаган тақдирда унинг истеъфога чиқиши билдирилган.
Лондондаги Xitrou аэропорти яқинида Samsung мобиль қурилмаларини ташиётган юк машинаси ўғирлаб кетилди. Умумий зарар 10,6 миллион долларга баҳоланмоқда. Жами 12 мингта қурилма йўқолган, шундан 5 мингтадан ортиғи — энг сўнгги телефонлар бўлган. Бу ҳодиса Буюк Британияда қайд этилган энг йирик электрон қурилмалар ўғирликларидан бири сифатида қайд этилган.
Испания аэропортларидан бирида ота-она 10 ёшли ўғлини ҳужжатларидаги муаммо сабабли аэропортда қолдириб, ўзлари таътилга жўнаб кетишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда испан маҳаллий нашрларига таяниб, Fox News хабар берди. Маълум қилинишича, воқеа Барселонадаги Жозеп Тарраделлас эль Прат халқаро аэропортида содир бўлган. Аэропорт ходимлари боланинг паспорт муддати ўтгани боис уни самолётга қўймаган. Оқибатда ота-она қариндошларидан бирини аэропортга чақирган ва болани олиб кетишини сўраб, ўзлари рейсга чиқиб кетган. Самолёт учишидан олдин учувчига бу воқеа ҳақида маълумот берилган. Боланинг ота-онаси топилиб, улар самолётдан тушириб қолдирилган. Полиция бўлимида уларга ўғли топширилган.
Россия қуролли кучлари тунда Украинанинг Харьков вилоятидаги темирйўл вокзалига ҳужум қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский хабар берди.Вилоятдаги 50 минг кишилик Лозовая шаҳри ҳужумга учраган. Оқибатда муҳим инфратузилма, кўп қаватли уйлар ва вокзалга зарар етган. Шаҳар қисман электр таъминотидан узилган. Ҳужум туфайли бир киши ҳалок бўлгани, 10 киши жароҳатлангани айтилмоқда. Улар орасида болалар ҳам бор.
АҚШ Ой учун ядро реакторини қуришни тезлаштиради. НАСАнинг вақтинчалик раҳбари Шон Даффи тегишли кўрсатма берди. Даффининг сўзларига кўра, Хитой ва Россия 2030 йил ўрталарига келиб Ойда реактор ўрнатмоқчи. НАСА агар бу амалга ошса, АҚШнинг имкониятлари чекланишидан хавотирда. Сабаби Хитой ва Россия “эҳтимол ёпиқ ҳудуд эълон қилиши мумкин”.
АҚШ Давлат департаменти айрим хорижий сайёҳлар ва бизнес мақсадида мамлакатга келувчи хорижликлардан 15 минг долларгача виза гаров пули ундиришни режалаштирмоқда. Ушбу дастур мамлакатда белгиланган муддатдан ортиқ қолиб кетиш ҳолатларини чеклашга қаратилган. Таъкидланишича, мазкур тартиб АҚШ президенти Дональд Трампнинг биринчи муддатида — 2020 йил ноябрь ойида илк марта таклиф қилинган.
Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА