Россияда 6 асрлик вулқон уйғонди
Россиянинг Камчатка ярим оролидаги Крашенинников вулқони деярли 600 йиллик сукутдан сўнг уйғонди. Камчатка вулқон фаоллиги мониторинг маркази (KVERT) маълумотига кўра, сўнгги бор бу табиий ҳодиса 1463 йил кузатилган.
РФ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Камчатка бўлими хабарига кўра, кул устуни 5-6 километр баландликда кўтарилиб, 75 километр шарққа силжиган. Шунингдек, жануби-ғарбий ён бағир бўйлаб 2 700 метр узунликдаги лава оқими юзага келган.

Вулқон фаоллашиши олдин соҳил яқинида 6,8 магнитудали зилзила юз берди. Мутахассислар бу воқеани ҳафта бошида қайд этилган 8,8 магнитудали кучли ер қимирлаши билан боғламоқда. Тинч океанидаги тектоник плиталар тўқнашуви нуқтаси ҳисобланган мазкур ҳудудда доимий зилзила ва цунами хавфи мавжуд.
«NASA Earth Observatory» маълумотида Камчатка Шарқий вулқон ҳудудига кириши, бу жойдаги мавжуд 300 га яқин вулқондан 29 таси ҳамон фаол экани таъкидланган.

“Тўқ пушти” хавф даражаси билан белгиланган Крашенинников вулқони атрофида ҳаво қатнови жадвалини эҳтиёткорлик билан тузиш тавсия қилинган. ФВВ манзилга яқин бориш, вулқонга чиқишни қатъиян ман этган. Расмий маълумот ҳудудда ҳозирча ёнғин ёки аҳоли манзилига таҳдид мавжуд эмаслигини тасдиқлайди.
Умуман, Камчатка яна бир бор геологик жиҳатдан жуда фаол ҳудудлигини кўрсатмоқда. Мутасадди ташкилотлар вазият доимий мониторинг қилиб борилаётганини билдирган.
Мусулмон Зиё, ЎзА