Хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорлик ва рақамли инновациялар — замон талаби

147

Бугунги глобаллашув ва рақамли технологиялар асрида жамоат хавфсизлигини таъминлашда илғор тажриба ва замонавий технологиялардан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан халқаро ҳамкорлик йўлида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Сингапурнинг “Polytron.AI” ва “Vizzio Technologies” компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида сунъий интеллект асосида ишловчи интеллектуал видеокузатув тизимларини татбиқ қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди. Томонлар юқори аниқликдаги видеокузатув камералари орқали таҳдидларни аниқлаш ва профилактик чораларни кучайтириш борасида фикр алмашди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз шаҳар” тизимларини ривожлантириш маркази раҳбар ва мутахассислари Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги офиси фаолияти билан яқиндан танишди. Учрашувда сунъий интеллект, замонавий алоқа технологиялари, маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш ҳамда рақамли ечимларни жорий этиш йўналишларида тақдимотлар намойиш этилди.

Ҳар икки учрашув давомида томонлар ўзаро тажриба алмашиш, технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро стандартларга мос инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришди.

Таъкидлаш жоизки, бундай халқаро ҳамкорлик хавфсизлик тизимларини такомиллаштириш билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА